Президент шаҳарларда аҳоли коммунал хизматлардан норози эканлигини таъкидлади


Президент Шавкат Мирзиёев 28 февраль куни пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани Авайхон маҳалласида бунёд этилаётган кўп қаватли уй-жойларни кўздан кечирди.

Бу ерда жами 1 минг 120 та хонадондан иборат 17 та кўп қаватли уйлар қурилиши лойиҳалаштирилган. Бугунги кунда 5 та турар жой қад ростлаб, ички пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбари хонадонлардан бирини кириб кўрди, уйларнинг қурилиш технологияси ва энергия тежамкорлигига эътибор қаратди.
Ташқи деворлар базальт материали билан қоплангани об-ҳаво таъсирини камайтириб, хонадонларнинг қишда исиқ, ёзда салқин бўлишини таъминлайди. Яна бир самарали томони – бу тўлиқ маҳаллийлаштирилган маҳсулот.

Президентимиз маҳаллий материалларни кўпроқ ишлатиб, уйларнинг нархини арзон қилиш, уларни турли соҳа вакиллари билан бирга кам таъминланганларга ҳам ажратиш бўйича кўрсатмалар берди. Кредит муддатини узайтириш, ижарага бериш орқали камбағал оилаларни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади.
- Шаҳарларда одамлар коммунал хизматлар сифатсизлигидан норози. Биноларни эксплуатация қиладиган барқарор ташкилотлар, малакали кадрлар етишмайди. Янги объектлар эски тармоқларга улаб қўйилади. Бутун квартал бирданига узоқдаги станциядан иситилади. Аслида, ақл билан қилинса, коммунал тўловларни 50 фоизгача арзонлатиш мумкин, - деди Шавкат Мирзиёев.

Янги мавзеда автоном иссиқлик станцияси қуриш, иморатларни эксплуатация қиладиган ва сифатли хизмат кўрсатадиган замонавий ширкат ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди.

ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш