Нуфузли хитойлик инсайдер Минг Чи Ко Apple смартфонлари сотувининг пасайишини башорат қилди. Бу ҳақда MacRumors хабар бермоқда.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, йилнинг тўртинчи чорагида iPhone 14 Prо ва 14 Prо Мах етказиб бериш прогноз қилинганидан анча паст бўлади. Бунга Appleнинг асосий ҳамкори Foxconnнинг Хитойдаги заводлари ишчиларининг ковид чекловларига қарши норозиликлари таъсир кўрсатади.
Натижада смартфонлар етишмаслиги мумкин.
Минг Чи Ко муаммолар туфайли Aмерика IT гиганти йил охиригача 70-75 миллион дона смартфон ишлаб чиқаришини тахмин қилди. Бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоизга кам. Aввалроқ, таҳлилчи Apple 80-85 миллион дона қурилмаларни чиқаришга улгуришига ишонишини айтган.
Инсайдер, шунингдек, ноябр ойида Хитойдаги заводларда ўртача қувватдан фойдаланиш даражаси атиги 20 фоизни ташкил этганини таъкидлади. Декабр ойида у атиги 30-40 фоизгача ошиши кутилмоқда. Муаммолар корпорация даромадига таъсир қилади, у прогноз қилинганидан 20-30 фоизга паст бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Хитойнинг йирик шаҳарларида коронавирус чекловларига қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда.