Президент Қарори: Қорақалпоғистон тиббиёт институти ташкил этилади


Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиали негизида Қорақалпоғистон тиббиёт институти ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори имзоланди.

Институт Оролбўйи минтақаси учун тиббиёт соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, ҳудуд аҳолисига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифати ва кўламини ошириш, тиббий амалиётнинг таълим ва илм-фан билан ўзаро мустаҳкам интеграциясини таъминлаш, соҳадаги илғор ютуқ ва инновацияларни даволаш-ташхис жараёнига жорий этиш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига мувофиқ ташкил этилади.
Шунингдек Қарор билан Институт негизида клиника ташкил этиш ҳам топширилган.

Институт фаолиятининг асосий йўналишлари этиб узлуксиз тиббий-касбий таълим тизимида юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, ўқув жараёнини амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтириш, халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва инновацион ўқув-услубий материалларни кенг жорий этиш, клиника ва ўқув базаси фаолиятида назарий билим ҳамда амалиётнинг уйғунлигини таъминлаш учун зарур шароитлар яратиш белгиланди.

Қарорга кўра институт моддий-техник базани модернизация қилиш ва мустаҳкамлаш, симуляцион марказ, ўқув ва илмий-тадқиқот лабораторияларини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш топширилган.

ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш