Президент боксчи Муроджон Ахмадалиевни ғалаба билан қутлади ва унга «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвонини берди


Президент Шавкат Мирзиёев бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Ахмадалиев Муроджон Қаҳор ўғлига «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвонини бериш тўғрисида Фармон имзолади.

Унвон мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни кенг оммалаштириш, жаҳон миқёсида ўзбек спорти шон-шуҳратини янада оширишга қўшган муносиб ҳиссаси, хусусан, Америка Қўшма Штатларининг Майами шаҳрида профессионал бокс бўйича бўлиб ўтган мусобақада юксак азму шижоат ва маҳоратини намоён этиб, юртимиз бокс спорти тарихида илк маротаба WBA ва IBF йўналишларида ғалаба қозониб, рекорд натижани қўлга киритгани ҳамда ёшларимизга ибрат намунасини кўрсатиб, улар онгида миллий ғурур, она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини кучайтириш борасидаги катта хизматлари учун берилди.

Шунингдек Давлатимиз раҳбари боксчига ўзининг табригини ҳам йўллади:

Қадрли фарзандим Муроджон,
Аввало, Сени, барча устоз ва мураббийларингни, бутун халқимизни бокс бўйича эришган тарихий ғалабанг билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
АҚШнинг Майами шаҳрида икки йўналишдаги профессионал бокс бўйича амалдаги жаҳон чемпионига қарши ўтказган ғоят шиддатли ва қизиқарли жангингни ўзбекистонликлар катта ҳаяжон ва қизиқиш билан кузатди.
Миллионлаб тенгдошларингга ибрат намунасини кўрсатиб, юксак мардлик ва матонат билан профессионал бокснинг иккита энг нуфузли (WBА Super ва IBF) йўналишларида шундай буюк ғалабани қўлга киритганинг, жаҳон боксидаги узоқ йиллик рекордни янгилаганинг ҳар қандай таҳсин ва тасанноларга муносибдир.
Эл-юртимизнинг ишончини оқлаб, мустақил Ўзбекистон спорти тарихида мутлақо янги ва ёрқин саҳифа очган ушбу оламшумул зафар соҳиби бўлган Сен каби жасур ва ватанпарвар ўғлонларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз ва чин юракдан олқишлаймиз.
Муроджон ўғлим, Сен рингда ўзбек йигитларининг жисмоний, руҳий ва маънавий жиҳатдан баркамоллигини, ҳеч қачон кураги ерга тегмаган буюк аждодларнинг муносиб вориси эканлигини, Ўзбекистон том маънода бокс мамлакатига айланиб бораётганини яна бир бор исботладинг. 
Фурсатдан фойдаланиб, жонажон Ватанимизнинг байроғи
ва шон-шуҳратини халқаро майдонларда янада юксалтириш йўлидаги шарафли фаолиятингда улкан омадлар, оилавий бахт-саодат ва янги ютуқлар тилаб қоламан.

Хабарингиз бор, боксчимиз Муроджон Аҳмадалиев икки йўналиш чемпионлик камарини қўлга киритган эди.

ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш