Президент қимматли қоғозларни сотиш самарали бўлмаётганини танқид қилди


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни фонд бозорини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. 

Қимматли қоғозлар бозори иқтисодиётдаги бўш пул маблағларини жамлаш ва уни инвестиция жараёнларига йўналтиришнинг муҳим воситасидир. Бу борадаги ислоҳотларнинг дастлабки босқичи сифатида жорий йил бошида Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги тузилди. Давлат облигациялари фонд бозорига қайта чиқарилди. 

Лекин қимматли қоғозлар чиқариб, уларни фонд бозорида сотиш механизмидан самарали фойдаланилмаяпти. Фонд бозоридаги акцияларнинг жами қиймати 25 триллион сўм бўлиб, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 6 фоизга ҳам етмайди. Бу кўрсаткич Сингапурда 188 фоиз, Малайзияда 112 фоиз, Россияда 34 фоизни ташкил этади. 

Мамлакатимизда жорий йилда чиқарилган давлат облигациялари валюта биржаси орқали фақатгина тижорат банкларига сотилган. Фонд бозори профессионал иштирокчилари сони юзтагаям бормайди.

Шу боис 2020-2025 йилларда фонд бозорини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Эркин муомаладаги жами қимматли қоғозларнинг ялпи ички маҳсулотга нисбатини 2025 йил охиригача камида 10-15 фоизга етказиш мўлжалланган.

Йиғилишда бунинг учун амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. 



ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш