Меҳнат вазирлиги: одамларни мажбурий пахта теримига чиқарган ҳоким жаримага тортилди


Mahalladosh.uz сайтида Боғот тумани ҳокимининг фуқароларни пахта теримига мажбурий тарзда жалб этгани тўғрисида хабар тарқалди. Хабарда айтилишича, туманда жорий йил 15 сентябрдан ҳудуддаги барча шаҳарча ва қишлоқлар аҳолиси, корхоналарнинг барча ишчи-хизматчилари пахта теримига сафарбар қилинган. Шунингдек, ҳоким 19 сентябрь куни шу масала бўйича тумандаги 300 га яқин фермер хўжалиги раҳбарлари, ҳудудлардаги терим отрядлари масъуллари, бюджет ташкилоти ва идоралари раҳбарларини йиғиб, мажлис ўтказган.

Йиғилиш кечки соат 20:30 дан 22:00 гача давом этган.

Туман молия бўлими бошлиғи Ж.Рўзметов ва туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи А.Авезов қўл остидаги ходимларни пахта теримига чиқарган.

Мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи бошчилигида юборилган ишчи гуруҳ Боғот туманига етиб борди, дейилади Меҳнат вазирлиги хабарида.

Ўрганиш натижасида Боғот туманида ҳақиқатан меҳнат қонунчилиги меъёрлари бузилганлиги аниқланди. Шунга мувофиқ, Боғот тумани ҳокими О.Холбоев, Боғот тумани молия бўлими бошлиғи Ж.Рўзметов ҳамда Боғот тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи А.Авезовга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан 2 230 000 сўмдан 6 690 000 сўмгача, жами 15 610 000 сўм миқдорда жарима тайинланди.



ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш