"Менга гапириб қўйдингми?Менга-я?!" ёхуд болаларга тенгликни ўргатмасак нима бўлади?


Ўсмирлигимда “толпа” ва “разборка”ларга деярли бормаганман (“деярли” дейишимнинг сабаби, “жўрачилик” юзасидан барибир бир-икки марта бориб, бир чеккада туришга тўғри келган). Умуман, кўча ихтилофларидан узоқроқ юришга ҳаракат қилардим.

Бунинг сабаби, кўпчилик ўйлагандай, қўрқоқлик эмас. Шунчаки, кўча паҳлавонларининг мантиқини унча тушуна олмас эдим. Бир сафар менга “ташлаб” қолган бир болага шуни тушунтиришга уриниб кўрганман.

“Менга ортиқча гапирдингми?”

“Ахир биринчи ўзинг менга гапирдингку? Сенинг ҳаққинг бор, менинг ҳаққим йўқми?”

“Ҳаққинг йўқ, нимайди?”

“Нега ҳаққим йўқ? Конституцияда барчанинг тенг ҳуқуқлилиги таъминлаб қўйилган”.

“... Йиғиштир лалалангни. Менга одамга ўхшаб гапир, тушундингми?”

“Сен яхши гапирсанг мен ҳам яхши гапираман”.

“Менга қара, ким билан гаплашаётганингни биласанми ўзи?”

“Сен бир ўсмир боласан, мактабда ўқийсан. Ўзбекистон фуқаросисан. Иккимиз ҳам тенгмиз, утсунлик жойинг йўқ...”

Бу баҳс анча давом этган, лекин ўз мантиқимни суҳбатдошимга ҳеч ҳам тушунтира олмаганман. Шунчаки унинг тушунча аппарати бошқача ишлаши, “Ия, менга гапириб қўйдими? Менгая?” қабилида фикрлашини қабул қилганман. Болаларга мактабданоқ элементар мантиқ, ўзаро ҳурмат, ўзаро тенглик принципи, қонунларга риоя этиш зарурати ўргатилмагани “мен зўрман, қолганлардан устунман” дейдиган қатламни етиштириб чиқармоқда.

Энди ўйлаб қарасам, нафақат кўчада, балки ҳаётнинг кўп соҳаларида масала шундай ҳал қилинар экан. Мана шундай фикрловчи одам милиционер ёки аскар бўлиб қолса, энди “Ия, менгая?!” дейишга асоси кўпроқ бўлади. Ғазаби қўзиб турса-ю, қўлида куч бўлса, унча-мунчаси қонунга қараб ўтирмайди. Амалдор, ҳоким ёки вазир бўлиб қолсами, урди Худо. Ҳатто камтаргина олимлар орасида мантиқ ва фактларга кўз юмиб, “Мен профессорман, ўйлаб гапир!” дейдиганлари қанча.

Буларни эслаб, қонунга, тартибга тупурган бунча зўравон амалдор, ҳоким ва ҳоказолар қаердан келиб қолганини тушунгандек бўляпман.

(Элдор Асанов Телеграм каналидан олинди)


ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш