Халқ депутатлари Бухоро тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияда вилоят ҳокими Ботир Зарипов нутқ сўзлади.
«Бухоро шаҳрининг атрофида жойлашган, қулай инфратузилмага эга туманда мавжуд барча имкониятлардан самарали фойдаланилмаяпти, десак хато бўлмайди. Айниқса, ҳудудда инвестицияларни жалб этиш борасидаги ишлар қониқарсиз бўлиб, бу ҳолат президентимиз раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида қаттиқ танқид қилинди ҳамда туман ҳокими Хайрулло Жўраев эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди», деди Ботир Зарипов.
Шундан сўнг вилоят ҳокими Хайрулло Жўраевни Бухоро тумани ҳокими лавозимидан озод этиш тўғрисидаги қарорни ўқиб эшиттирди. Ушбу масала овозга қўйилиб, депутатлар томонидан маъқулланди.
«Бухоро Агро Экспорт ташқи савдо» масъулияти чекланган жамиятига раҳбарлик қилиб келаётган Ҳалим Сафаров номзоди Бухоро тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинлаш тўғрисида вилоят ҳокимининг қарори қабул қилингани депутатларга маълум қилинди.
Ҳалим Сафаров 1973 йил 2 майда Бухоро шаҳрида туғилган. 1995 йилда Бухоро давлат университети, 2008 йилда Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институти, 2023 йилда Қозон федерал университети (магистратура)ни тугатган.
Ҳалим Сафаров нефт-газ соҳасида ва тадбиркорлик тизимида фаолият кўрсатган. Охирги йилларда «Евроснар» масъулияти чекланган жамияти бош директори лавозимида ишлаган. Ҳозирга қадар «Бухоро Агро Экспорт ташқи савдо» масъулияти чекланган жамиятига раҳбарлик қилиб келаётган эди.