"Қирол ўлди! Яшасин қирол!" Дубайда юрган Умид Аҳмаджонов ишдан олинди (ФОТО)


Рустам Шоабдураҳмонов деган номни эшитишим билан яхши ташкилотчи, спортга ва умуман сиёсатга бегона бўлмаган, бир сўз билан айтадиган бўлсак, дипломат ва хушмуомала инсон кўз олдимда гавдаланади. 

Лекин, асосий савол эса ҳамон жавобсиз, ҳар доимгидек. Умид Аҳмаджонов нега бу лавозимдан олинди? Ўзи билармиди? Яна кимлар биларди? Хуллас, саволлар кўп.

Тез орада Олимпия ўйинлари борасида Ўзбекистон спортчилари учун кўплаб ишларни қилишга улгурган Умид Аҳмаджонов Дубайда бўлиб туриб, Буюк Британияга кетиши арафасида, туғилган кунини нишонлаш тараддудида турган бир паллада, худди Нурхон Нафасовдек ишдан олинди (Нурхон Нафасов ҳам ўзи бўлмаган ишдан олинган кун).

Бош вазир Абдулла Арипов раислиги, Каратэ федерацияси Президенти Аълам Муллаев (Нурхон Нафасов ҳам Каратэ федерацияси Президенти) маърузачилигида ўтган йиғилишда Умид Аҳмаджоновнинг раис бўлишига баралла овоз берганлар, унинг бўшатилишига ҳам баралла овоз беришларини кузатиш кишини узоқ ўйларга олиб кетади.

Хуллас, тез ёнган олов тез ўчиши, тез ёққан қорнинг тез тугаши каби Умид Аҳмаджоновнинг тез танилиши ҳам Олимпия қўмитасидаги раислигининг тез якунланиши билан тугади.

Умид Аҳмаджоновга балки бошқа иш берилар, ҳар ҳолда у Паралимпияда соҳасида яхши натижаларга эрилишига сабабчи бўлганлардан бири.

Хуллас, бугунги йиғилиш Олимпия қўмитаси расмий нашрида қуйидагича "ёритилди".

Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг навбатдан ташқари Бош ассамблеяси бўлиб ўтди.

Бош Ассамблея ишида Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси мутасаддилари, спорт федерация ва ассоциацияларнинг раҳбарлари, шунингдек, ОАВ вакиллари иштирок этишди.



Унда кун тартибидан қуйидаги 2 масала ўрин олди: шу давргача қўмитага раҳбарлик қилган Умид Махамаджанович Аҳматджановнинг ўз хоҳишига кўра истеъфога чиқиш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш ва унинг ўрнига янги раҳбар сайлаш.




Ассамблея давомида сўзга чиқар экан, Абдулла Арипов Токио Олимпиадасига оз фурсат қолгани ва спортчиларимизни бўлажак мусобақага пухта тайёрлаш, ишларни янада жадаллаштириш, Олимпия ўйинларига имкон қадар кўпроқ лицензиялар қўлга киритиш бўйича мутасаддиларга керакли кўрсатмаларни берди.



Шундан сўнг, йиғилиш иштирокчиларига Миллий олимпия қўмитаси президентлигига Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси сифатида фаолият олиб борган Рустам Мавзурович Шоабдураҳмонов номзоди таклиф қилинди. Ассамблея иштирокчилари бир овоздан ушбу номзодни қўллаб қувватлашди ва Рустам Шоабдураҳмонов МОҚ президенти этиб сайланди.





“Авваломбор, менга билдирилган юксак ишонч учун катта раҳмат. Тушуниб турибман, зиммамда жуда масъулиятли ва муҳим вазифа турибди. Токио Олимпиадасига ҳам оз фурсат қолди. Янги вазифамда бор куч-ғайратимни ишга солишга ваъда бераман. Бу йўлда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, барча федерациялар ва ассоциацияларни ҳамкорликка ва қўллаб-қувватлашга чақириб қоламан”, – деди Рустам Шоабураҳмонов.



Шунинг билан МОҚнинг навбатдан ташқари Бош Ассамблеяси ўз ишини якунлади. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ўз навбатида шу пайтгача ташкилотга раҳбарлик қилган Умид Махамаджонович Аҳматджановнинг келгусидаги фаолиятида омад ва зафарлар тилаб қолади.

Шунақа гаплар! Сўзимиз якунида эса Умид Аҳмаджоновни туғилган куни билан табриклаган ҳолда, Рустам ака Шоабдураҳмоновга Олимпия қўмитаси раислигида фақат ва фақат омадлар тилаб қоламиз!



ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш