Нақд пул! Муаммо нимада?


Нақд пул тушуми 262 миллион сўмга ёки 230 фоизга оширилди. Биргина Андижон вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан жорий йил май ойининг 20 куни давомида тадбиркорлик субъектларида ўтказилган хронометраж кўздан кечириш тадбирларида эришилган натижа шундай.

Бу - нақд пул тушумини назорат касса машиналарига кирим қилиш қоидаларини қўпол равишда бузаётган тадбиркорлар ҳамон борлигини англатади. Хўш, катта фарқ юзага келишида айб фақат савдо-сотиқ билан шуғулланаётган тадбиркорлардами? Улар билан профилактик суҳбатлар асносида бошқа бир сабаб ҳам “бўй кўрсатди”.

Демак, тадбиркорлар гапига қулоқ тутамиз. Андижон шаҳрининг 2 –кичик даҳасида қурилиш маҳсулотлар билан савдо қилувчи дўкон ҳисобчиси Ҳотамжон Сўфиев шундай дейди:

- Ўтган йиллари инкассация хизмати ҳар кунлик тушумни олиб кетарди. Ҳисоб-рақамимизда доимо пул бўларди. Ҳамкорларимиз билан олди-сотдини вақтида расмийлаштирардик. 2019 йилдан бошлаб эса инкассациядагилар ҳафтада нари борса, икки марта келишмоқда. Бу ҳолат, очиғи, тадбиркорлар учун ноқулайликлар туғдирмоқда. Биринчидан, кирим қилинган пуллар ўз вақтида ҳисоб рақамимизга тушмаслиги натижасида солиқ ходимларининг бизга бўлган ишончини сусайтирмоқда. Иккинчидан, “Пул бўлди – кул бўлди” деган гап бор. “Нақди” қаршимизда тургандан кейин, унга эҳтиёж туғилиши билан “барибир, ўрнига қўяманда” деган фикрда ишлатиб юборяпмиз. Имкони бўлса, инкассация хизмати ҳар куни нақд пулни олиб кетгани яхши.

Эслатиб ўтамиз, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 30 октябрдаги “Товар бозорларида савдони эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан пул тушумларининг инкассация қилишнинг янги тартиблари жорий этилди. Унга кўра:

♦️ 2018 йил 1 ноябрдан бошлаб, энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бараваридан ортиқ миқдорда кунлик  нақд пул тушуми бўлган хўжалик юритувчи субъектларга нақд пулни банк кассаларига инкассация хизматлари орқали ёки мустақил равишда кунлик топшириш имконияти яратилди.

♦️ энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бараваридан ортиқ миқдордан кам бўлган кунлик ўртача нақд пул тушумига эга хўжалик юритувчи субъектлар эса нақд пулни банк кассаларига инкассация хизматлари орқали ўзлари белгилаган даврларда ёки мустақил равишда топшириши белгиланиб қўйилди.

Яна ишбилармонларга юзланамиз. Улар Фармондаги талаблардан хабардорми?

- Хабаримиз бор, - дейди “Шинам” қурилиш савдо мажмуасидаги тадбиркор Ҳусниддин Ваҳобжонов. – Кунлик нақд пулни банкка ўзимиз ҳам олиб бориб топширимиз мумкин. Аммо вақт қайда дейсиз?! Савдо қиламизми ёки пул топширамизми? Яқингача ҳам бозор ҳудудида банкнинг инкассация хизмати бор эди. Шундоқ ёнимизда эди. Савдони якунлаб, пулни топшириб кетаверардик. Нима бўлди, билмайман, ҳозир йўқ. Бизга нақд пулни ҳар куни топширганимиз қулай. Чунки, пулни дўконда қолдириб кетолмаймиз.

- Озиқ-овқат дўконимиз шаҳар марказида бўлганлиги учун доимо харидорлар билан гавжум, - дейди “Рустамбек савдо люкс” сотувчиси Ҳолиддин Мирзаев. – Шунга яраша, нақд тушуми бошқаларга нисбатан юқорироқ. Биласиз, нақд пуллар кўпайиб кетса, хотиржамлигингиз йўқолади. Шу боис, инкассация хизмати йиғилган маблағларни ҳар куни олиб кетгани маъқул. Бу ҳисоб-рақамимиз ҳеч қачон бўшаб қолмаслигини кафолатлайди.

Масъулиятни ўзидан соқит қилишдан осони йўқ. Фармонда белгиланганидек, инкассация хизматлари ҳам, хўжалик юритувчи субъектлар ҳам ўзига юклатилган вазифани вақтида бажарса, бу каби муаммолар юзага қалқиб чиқмайди. Ахир, банкка топширилган пуллар ўзгалар учун эмас, ўз аҳолимизнинг фаровон яшашига, юртимиз янада кўркам ва обод бўлишига хизмат қилади.

Ушбу материал ДСҚ Матбуот хизмати томонидан тайёрланди.

ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш