Президент озиқ-овқат саноати бўйича янги қарорни имзолади


“Республика озиқ-овқат саноатини жадал ривожлантириш ҳамда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлақонли таъминлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарор билан Қишлоқ хўжалиги вазирлигига (вазирлик) бир қатор қўшимча вазифалар юклатилди.

Вазирлик, жумладан, мева-сабзавот, гўшт, сут ва бошқа қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларини етиштирувчи (ишлаб чиқарувчи) корхоналар билан ушбу маҳсулотларни қайта ишловчи, тайёрловчи ва реализация қилувчи корхоналар ўртасида ўзаро манфаатли муносабатлар учун шароитлар яратади.

Қарорга кўра, вазирликда Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бош бошқармаси ташкил этилиб, мазкур бош бошқарма бошлиғи вазир ўринбосари ҳисобланади.

Қарор билан “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК тугатилди.

Шунингдек, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб республика ОТМнинг “5321000-Озиқ-овқат технологияси (маҳсулотлар турлари бўйича)” ҳамда “5410500-Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш ва дастлабки ишлаш технологияси (маҳсулотлар турлари бўйича)” таълим йўналишлари бўйича бакалавриатнинг кундузги ва сиртқи таълим шаклларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари босқичма-босқич ошириб борилади.

2020 йил 1 декабрга қадар озиқ-овқат технологиялари соҳасида замонавий техника ва технологияларни жорий этган етакчи корхона, ташкилотлар ва муассасалар билан талабаларнинг амалиётларини ўташ юзасидан ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш чоралари кўрилади.

Қарорга мувофиқ, шунингдек:

- 2021 йил 1 январга қадар республикада қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларига мавжуд ички талабни ҳисобга олган ҳолда 2021-2023 йилларга мўлжалланган саноатбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кенгайтириш дастури;

- 2021 йил 1 мартга қадар мева-сабзавот, гўшт, сут ва бошқа қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлашни жадал ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш белгиланган.

ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш