Оҳангаронда юз берган аянчли ёнғин тафсилотлари маълум қилинди


Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси Ахборот хизмати 28 июнь куни Оҳангаронда юз берган аянчли ёнғин тафсилотларини маълум қилди. 

28 июнь куни ҳайдовчи Ш.У. ўзининг бошқарувидаги «ЗИЛ-130» русумли юк автомашинасини Тошкент шаҳридан Ангрен шаҳрига йўловчисиз ва юксиз бошқариб бораётган бўлган.

Оҳангарон шаҳрининг А.Темур кўчаси «Гулистон» МФЙ ҳудудида жойлашган 3-сонли кўп қаватли уйнинг рўпарасига етганида, автомашина қўл тормозининг ички қисмида ёнғин келиб чиққанлигини пайқаб, автомобилни тўхтатишга уринган, аммо, бошқарувни йўқотиб, йўлнинг ўнг томонига ўтиб кетган. Автомашинани тўхтатолмай кўп қаватли уйнинг ёнида ҳайдовчи ва йўловчисиз тўхтаб турган хусусий корхонага тегишли «Дамас» русумли транспорт воситасига бориб урилган.

Оқибатда автомашиналар тўлиқ ёниши оқибатида, ёнғин 3-сонли кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида жойлашган, енгил тамаддихона, озиқ-овқат ва хўжалик моллари ҳамда канселярия дўкони ва дорихоналарга, шунингдек, ушбу дўконларнинг ертўлаларига ўт кетган.

Келиб чиққан ёнғинни бартараф қилишга жами 7 та ёнғин ўчириш махсус машиналари жалб қилиниб, соат 15:00 да ёнғин тўлиқ бартараф қилинган.

Мазкур ёнғин сабаб «ЗИЛ-130» русумли юк автомашинаси ҳайдовчиси Ш.У. куйиш жароҳати билан Оҳангарон туман марказий шифохонасига мурожаат қилган ва унга ўнг оёқ болдир, ўнг қўл кафт соҳаларида I-II даражали термик куйиш ташхиси қўйилган.

Мазкур ҳолат юзасидан, шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш