Икки нафар Тожикистон фуқароси Қирғизистон билан чегарада оғир яраланди


8-май куни Тожикистон – Қирғизистон чегарасида рўй берган кўнгилсиз воқеа оқибатида икки нафар тожикистонлик жиддий жароҳат олди. Бу ҳақда “РИА Новости” республика Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизматига таяниб хабар бермоқда.

“Жума куни маҳаллий вақт билан соат 16 лар атрофида чегарага яқин жойда, Тожикистоннинг Исфара туманига қарашли Чоркуҳ қишлоқ кенгашининг Кумазор қишлоғида низо келиб чиқди. Воқеа сабабчилари – Қирғизистон фуқаролари ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларга кўра Тожикистон томонида бўлган 4 гектар ерни эгаллаб олишган”, — дейди манба.

Унинг айтишича, қирғизистонлик чегарачилар низони бартараф этиш ўрнига, аксинча ўқ отар қуролдан қуролсиз Тожикистон фуқароларига қарата ўт очиб, жанжални авж олдиришган. “Қирғизистон чегарачилари бошлаган отишма натижасида Тожикистон фуқаролари – 37 ёшли Фазлиддин Фозилов ва 49 ёшли Аёмиддин Шарипов оғир яраланди ва зудлик билан Исфара шаҳридаги шифохонага олиб кетилди”, — дея қўшимча қилган суҳбатдош.

Икки томоннинг саъй-ҳаракатлари туфайли қуролли тўқнашув янада кенгайиб кетишининг олди олинди. Айни пайт низоли тарафлар — Қирғизистон ва Тожикистон чегарачилари, шунингдек икки мамлакат давлат идоралари ўртасида вазиятни тўлиқ барқарорлаштириш бўйича келишувлар олиб борилаяпти.

Бундан аввалроқ Қирғизистоннинг Боткен вилоятига қарашли Чек қишлоғида ер-жой масаласида икки давлат чегарадош ҳудудлари фуқаролари ўртасида низо келиб чиқиб, вазият ҳар икки томондан 30-40 киши бир-бирларига қарата тош отишгача бориб етганди. Ҳатто, ҳодиса жойида ов милтиғидан узилган ўқ овози ҳам эшитилганди. Сўнгра низо кучайиб кетишига йўл қўймаслик учун Қирғизистон ва Тожикистон чегарачилари осмонга бир неча огоҳлантирувчи ўқ узишди. 
Натижада вазият изга тушгандек бўлди. Чегара ёнида истиқомат қиладиган ҳар икки давлат аҳолиси билан тушунтириш ишлари олиб борилди. Шундан кейин, кутилмаганда, Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегарачилари Қирғизистонлик чегарачилар ва оддий фуқароларга қарата миномётдан ўт очишган.

Давлат чегараларининг қирғиз-тожик қисми вақти-вақти билан икки мамлакат аҳолиси ёки чегарачилари ўртасидаги низоли воқеалар ўчоғига айланиб туради. Муаммонинг асосий илдизи – давлатлар ўртасидаги сарҳаднинг делимитация қилинмагани, яъни чегара чизиқлари қаердан ўтиши аниқ белгиланмаганига бориб тақалади. Чегаранинг умумий узунлиги 980 километрга тенг, шундан 450 километрдан зиёдроғи делимитация ва демаркировка қилинмаган.

ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш