АОКА журналист Хуршид Далиев билан бўлган ҳолатга эътибор қаратди


Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Дилшод Саиджонов ҳолат бўйича маълум қилди.
Бир неча кун аввал Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимларининг Human.uz интернет нашри вакилларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик ҳолати кузатилди.
Human.uz интернет нашри томонидан эълон қилинган видеолавҳада ички ишлар органлари вакиллари журналист ҳамда тасвирчига нисбатан қўпол муносабатда бўлгани ҳамда журналистнинг саволларига жавоб бермай, унинг фаолиятига қаршилик кўрсатгани акс этган.
Агентлик ўз ваколати доирасида ушбу ҳолатни ўрганиш ва қонун доирасида тегишли чора кўриш юзасидан Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигига ёзма сўров юборди.
Шу ўринда эслатиш ўринлики, Ўзбекистон Республикаси “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни талабларига кўра, давлат журналистга ахборотни эркин олишини ва тарқатишини кафолатлаши, ўз касбига доир фаолиятида уни ҳимоя қилинишини таъминлайди, журналист ҳуқуқларини бузганлик, унга таҳдид ва зўравонлик қилганлик жавобгарликка сабаб бўлади.
Ишонамизки, юқоридаги ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан атрофлича ўрганиб чиқилади ҳамда адолатли ечим топади.
Шуни алоҳида таъкидлашни истар эдикки, Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлиги, оммавий ахборот воситаларининг мустақил фаолияти ва давлат органларининг очиқлигига эришиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган, чунки айнан шу йўл орқали Ўзбекистоннинг фаол ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳамда ахборот хавфсизлиги таъминланишига мустаҳкам замин яратиш мумкин. Ана шундай даврда журналистларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш ва қаршилик кўрсатишни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.
Содир бўлган ҳолат тизимли муаммо характерига эга бўлмаса ҳам, у барибир давлат органлари ходимларининг ахборот соҳасида мамлакат қонунчилигини ўрганишлари, уларда ОАВ, журналист ва блогерлар билан муомала маданиятини шакллантиришни тақозо қилмоқда.

ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш