Ўзбекистонлик олимлар коронавирусни аниқлайдиган янги тест тизимини ишлаб чиқди



Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказининг биотехнологлари COVID-19 коронавирусини аниқлаш бўйича тест тизимини ишлаб чиқди. Олимлар бу ишга бир ой олдин киришган эди.

Тест тизими COVID-19 вируси геномининг 3 участкали таҳлилига асосланган. Ҳозирги кунда мавжуд бўлган тестлар фақат бир участка таҳлилини кўрсата олади.

– Бизнинг тўпламимиз ЖССТ ҳамда Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази тавсиялари асосида ишлаб чиқилди, – деди биология фанлари доктори Алишер Абдуллаев. – ЖССТ тавсияларига кўра, биринчи навбатда коронавирус тести асосий синов сифатида амалга оширилади ва кейин уни тасдиқлаш учун COVID-19 геномининг яна иккита қисмида тест ўтказилиши керак. Якуний босқич аниқланган штаммни тартиблашдан иборат, бу вируснинг мутация даражасини аниқлаш учун муҳимдир, чунки бошқа тез тарқаладиган вируслар туфайли COVID-19 вируси мутацияларга учрайди.

Маҳаллий тест тизимини яратиш жараёнида Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси томонидан Қўшма Штатларда ишлаб чиқарилган ижобий тест назорат намуналари тезкор етказиб берилди.

– Кейинги босқичда тест тизимимизни рўйхатдан ўтказишимиз керак. Шунда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишимиз мумкин бўлади, – деди Илғор технологиялар маркази директори Шаҳло Турдиқулова. – Бизнинг марказимиз диагностика тест тизимларини ишлаб чиқариш учун махсус участкасига эга. Бу ерда стартапчиларимиздан бири “Биотестлаб“ жамоаси ишлайди.

Мазкур тест тизимининг афзаллиги унинг тезкорлигидадир. Касалликка ташхис қўйиш учун инсон димоғидан намуна олинади, негаки айнан шу жойда кўп вирус тўпланади. Сўнгра вирус РНКси олинади, ДНК шаклига ўтказилади ва ПЦР таҳлили амалга оширилади. Барча жараён тахминан 5-6 соат вақтни олади. Бу экспресс тест эмас, балки фақат махсус лабораторияларда фойдаланиш мумкин бўлган тўлақонли тест бўлади.

ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш