Фарғонада гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган "Бургут" 10 йилга қамалди


ДХХ Фарғона вилояти бошқармаси ходимлари томонидан гиёҳвандлик воситаси ва психотроп моддаларни ноқонуний айланмасига қарши кураш бўйича тезкор тадбирда қўлга олинган шахс ўн йилдан ортиққа қамалди.

Б. Тўраев муқаддам судланган бўлса-да, тўғри йўлни танлай олмади. Ўшанда ҳам гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятни содир қилган эди. У ўтган 2019 йилнинг 19 май куни ўзига кийим сотиб олиш мақсадида белгиланган тартибда Фарғона туманидаги “Фарғона” чегара назорати ўтказиш пункти орқали Қирғизистон Республикасига ўтади. Халмиён қишлоғидаги бозордан савдо қилаётган вақтида олдиндан таниш бўлган “Шариф” исмли шахс билан (жиноят ишининг унга нисбатан қисми ажратилган) кўришиб қолади. Шу куни “Шариф”нинг таклифига асосан унинг яшаш манзилига бориб, у билан бирга “гашиш” гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилган. Б.Тўраев ушбу гиёҳвандлик воситаси ўзига маъқул бўлганлиги сабабли “Шариф” исмли шахсдан 500 грамм ”гашиш” гиёҳвандлик воситасини 500 АҚШ доллари эвазига сотиб олиб, ундан давлат чегара чизиғидаги Фарғона тумани “Бўстон” маҳалласидаги яшаш уйининг орқа ҳовлисига келиб, ирғитиб юборишини сўрайди. “Шариф” пулини кейин бериш шарти билан гиёҳвандлик воситасини беришга ва уларни “қирғиз-ўзбек” давлатлари чегараси чизиғидаги айланма йўлга олиб бориб беришга рози бўлади. Б.Тўраев эса белгиланган тартибда “Фарғона” чегара божхона назорати ўтказиш пункти орқали ўзининг яшаш манзилига қайтиб келган.

Эртаси куни тунда Б.Тўраев келишувга биноан Қирғизистон Республикаси ҳудуди билан чегарадош қисмига чиқиб, “Шариф” исмли шахс билан учрашиб, ундан 500 граммдан ортиқ миқдоридаги “гашиш”, 0,73 грамм “опий” гиёҳвандлик воситаларини қабул қилиб олган. Келишилган пулни эса кейин беришини айтган. У яшириб қўйган гиёҳвандлик воситасидан вақти-вақти билан олиб истеъмол қилиб келган.

Б.Тўраев 2019 йил 5 ноябрь куни яшаш манзилида сақлаб келаётган “гашиш” гиёҳвандлик воситасини Фарғона шаҳрига олиб бориб, уни бирон бир жойга яшириб қўйиш ҳамда шунинг баҳонасида янги сотиб олган “Тraker” автомашинаси учун зиёфат ташкил этишни режалаштирган. Шу куни соат 22:30 ларда яшаш манзилидан елим идишга солинган “гашиш” ҳамда “опий” гиёҳвандлик воситасини чўнтагига жойлаб, Фарғонага йўл олди. У автомашинасида “Водил-Фарғона” йўналишида ҳаракатланиб кетаётган вақтида ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари томонидан тўхтатилган. Унинг бошқарувидаги транспорт воситаси ва эгнидаги кийимлари кўздан кечирилганда эгнидаги шимининг ўнг чўнтагида бир дона қора рангли целофан пакетга ўралган 502 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситаси, шунингдек, унинг чап чўнтагида бир дона “Kent” ёзувли тамаки қутисида 2 грамм “гашиш” ҳамда 0,73 грамм “опий” гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланган. Суд-кимёвий экспертизаси томонидан ҳам бу ўз тасдиғини топди.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг ҳукмига кўра, у эндиликда умрининг 10 йилу 2 ойини темир панжара ортида ўтказади.

ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш