Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда коронавирус тарқалганини яна бир бор рад этди


Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлигида мамлакатимиз ҳудудига коронавирус инфекциясини кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш билан боғлиқ ишларни мувофиқлаштириш мақсадида туну кун фаолият кўрсатувчи махсус штаб фаолият кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, мазкур Агентликда ташкил этилган “Ишонч телефонлари” орқали Хитойдан келаётган фуқаролар, таҳсил олаётган талабалар, уларнинг ота-оналари, тадбиркор ва бошқа соҳа ходимларига тегишли тушунтириш ва керакли тавсиялар ҳам бериб борилмоқда.

Шу кунларда ҳаво, автомобиль ва темир йўл транспорти объектларида санитария-эпидемиология ва миграция назорати ҳар қачонгидан ҳам кучайтирилмоқда.

Тезкор маълумотларга қараганда, биргина шу йилнинг 31 январь куни Тошкент халқаро аэропорти орқали хориждан учиб келган жами 4194 нафар, темир йуллари орқали эса 953 нафар фуқаро санитария-карантин пунктларида термометриядан ўтказилган. Натижада агентликнинг вирусология лабораториясига коронавирусга текшириш учун 21 нафар фуқародан намуналар олинган. Ўтказилган тиббий текширувлар натижасида намуналар орасида коронавирус касаллигининг вируси топилмаган, дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

"Шу ўринда, турли ижтимоий тармоқларда мамлакатимизда коронавирус қайд этилганлиги билан боғлиқ хабарлар ҳақиқатга мутлақо зид эканлигини яна бир бор таъкидлаб ўтамиз. Бугунги кунга қадар юртимиз фуқаролари орасида коронавирус инфекцияси қайд этилмаган".

Эслатиб ўтамиз, аввал ҳам Жиззах ва Бухорода коронавирус тарқалгани ҳақида миш-мишлар вазирлик томонидан рад этилганди. 


ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш