Шавкат Мирзиёев: "Математика ҳамма аниқ фанларга асос"


Президент Шавкат Мирзиёев олимлар, ёш тадқиқотчилар, илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари ва ишлаб чиқариш сектори вакиллари билан учрашув ўтказди. Унда илм-фан соҳасидаги энг муҳим вазифалар муҳокама қилинди.

Президентимиз Ўзбекистоннинг математика фани бўйича салоҳияти дунё миқёсида тан олинганини, функционал таҳлил ва дифференциал тенгламалар, эҳтимоллар назарияси ва алгебра йўналишлари бўйича нуфузли мактабларимиз шаклланиб фаолият юритаётганини, етти нафар математик олим Бутунжаҳон фанлар академияси аъзоси эканини алоҳида таъкидлади.

Кўплаб хорижий илм-фан марказлари, хусусан, Бонн, Кембриж, Париж, Сеул каби йирик шаҳарлардаги етакчи илм даргоҳлари билан биргаликда қўшма илмий лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 июлдаги математика таълими ва фанларини янада ривожлантиришга оид қарорининг ижроси доирасида пойтахтимиздаги Талабалар шаҳарчасида Фанлар академиясининг Математика институти учун замонавий талаблар асосида янги бино барпо этилмоқда.

Шавкат Мирзиёев бугунги учрашувда математикада илмий тадқиқотларни амалиёт билан боғлаш, рақамли иқтисодиёт учун мустаҳкам пойдевор яратиш борасидаги долзарб вазифаларга тўхталиб ўтди.

Ёшларда математика фанига қизиқишни кучайтириш, иқтидорли болаларни селекция қилиб, ихтисослаштирилган мактаблар ва кейинчалик олий таълим муассасаларига қамраб олиш ишларини тўғри ташкил қилиш кераклиги таъкидланди. Болалар учун мазкур фандан оддий ва тушунарли тилда ёзилган оммабоп дарслик ва ўқув қўлланмалари яратиш, математик онгни, керак бўлса, боғчадан бошлаб шакллантириш вазифаси қўйилди.

- Математика ҳамма аниқ фанларга асос. Бу фанни яхши билган бола ақлли, кенг тафаккурли бўлиб ўсади, исталган соҳада муваффақиятли ишлаб кетади, - деди Президент.

Ҳар бир туман марказида биттадан математика фанига ихтисослашган мактаб ташкил қилиб, уларда ишлайдиган ўқитувчиларга қўшимча устама ҳақлар тўлаш бўйича кўрсатма берилди. Ушбу муассасаларда ўқув жараённи илмий-методик таъминлаш учун Фанлар академиясининг Математика институти ҳамда Халқ таълими вазирлиги масъул этиб белгиланди.

ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш