"Тоза сўзлари билан яшайверади": шоир Абдували Қутбиддин оламдан ўтди


Бугун 8 декабрь куни таниқли шоир Абдували Қутбиддин оламдан ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси маълум қилди. 

Абдували Қутбиддин 1960 йил 20 июнда Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган (1983).

Дастлабки шеърий тўплами — «Найсон» (1988). Шундан сўнг шоирнинг «Ҳумо» (1989), «Бахтли йил» (1991), «Хаёл кечаси» (1994), «Сен ва сен учун» (1996), «Узоқдан олисга» (2007) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. «Дўстлик» ордени ҳамда "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист" унвони билан мукофотланган.

Журналист Адҳам Арслонов ёзади: "Бугун ростмана шоир, ҳамкасбимиз Aбдували Қутбиддин бизни ташлаб кетди. Aсл Шоирлар ўлмайди. Тоза сўзлари билан яшайверади. Aбдували ака дарвешлардай юрарди, дарвешлардай ёзарди. Сўзлари, гапиришлари ҳам бошқача эди. Улуғ илдизи борлиги билинарди.

Aбдували аканинг бобоси катта олим, уламо, инсофу диёнати бутун инсон — Қутбиддинхон эди. У кишидан кўпчилик яхшилик кўрган. Aввал Тошкентда яшаган. Ғафур Ғуломлар ҳам бирор сўзни, мумтоз шоирларнинг байтлари мағзига йетмаса, шу инсондан маслаҳат сўраб боришган ва доим маъноли жавоб олиб қайтишган. Кейинчалик зуғумлар кўпаявергани учун Қутбиддинхон Ургутга кўчиб кетган. У ерда ҳам кўп яхши ишларнинг бошида турган деб эшитаман.

Aбдували ака ана шундай фариштали инсоннинг фариштали набираси эди. Унинг биргина "Изоҳсиз луғат" достонининг ўзиёқ қандай кучга эга эканини билдириб туради. Ҳозир кўпчилик бу достон ҳақида билмайди, ўқимаган. Aдабиётшунослар ҳам бу достонни ҳалигача тузук таҳлил қила олмаган. "Изоҳсиз луғат" — чуқур, рамзларга, дардга тўла достон. Эҳтимолки, номининг ўзи бирор диссертацияга мавзу бўла олади".

Шунингдек, таниқли тележурналист Азиза Қурбонова ҳам шоир ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашди. "Абдували Қутбиддин. Шундай ижодкор борлигини билардим. Аммо раҳматли бу инсоннинг менинг ҳаётимда, касб танлашимда ўрни бўлганини билмасдим...

Ҳозир каналимга юқоридаги хабарни форвард қилганимда онам ёзиб қолдилар: "...Азиза, шу одам сенинг биринчи марта телевизорга чиқишингга сабаб бўлганлар. Кўзларини даволатгани ишхонамга келганларида, "ТВга қизиқадиган қизим бор" деганман. Абдували ака ТВ4 каналидаги "Бинафша" кўрсатувига олиб боришимни гаплашиб берганлар..."

Ҳа, мен қўлимга биринчи марта микрофон ушлаганимда 5-синф эдим. Саидмурод Соатовнинг "Бинафша"-болаларнинг латифа, қизиқарли маълумотлар айтадиган тележурналида ҳаяжонлана-ҳаяжонлана амаллаб, латифа айтиб чиққанман.

Абдували ака "Ойнага қараб, кўп машқ қилсин, монтажда кўрдим. Эфирга берилади" деб онамга айтганлари эсимда...
Шундан сўнг кўрсатувлар кўрсатувларга уланиб кетган..."





ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш