Тошкентда кўз касалликлари шифокори ўз хотининг “ўйнаши” томонидан 3 кун оч қолдирилиб, ваҳшийларча ўлдирилди



Талъат Юнусов  турмуш ўртоғининг анчадан буён хиёнат қилиб юрганини сезмаган. Унинг аёли телеграм орқали ўзига жазман орттирди ва эрининг бошига етди (марҳум ва жабрланувчининг исм-фамилияси ўзгартирилган).

Талъат Юнусов пойтахтимиздаги кўз касалликлари хусусий клиникасида шифокор бўлиб ишлар эди. Қирқ ёшни қоралаган шифокор эрталаб ишга кетгач, ўзидан етти ёш кичик бўлган турмуш ўртоғи Шаҳина уйда ёлғиз қоларди.

У интернетда телеграм орқали Сарвар Тошмуҳаммедов билан танишиб қолади. Икки тенгдош ўртасидаги ёзишмалар бора-бора ишқий мавзуларга уланиб, уларни учрашувга ундайди. Икки томон ҳам оилали бўлса-да, шайтонга хайф беришмайди. Шаҳина биринчи учрашувдаёқ Сарварни ўзига мафтун қилади. Хуллас, улар тез-тез учрашишни одат қилишади. Бундай учрашувлар эса хиёнатга йўл очади.

2016 йилнинг август ойидан бошланган ишқий муносабатлар аста чуқурлашиб борар, энди Сарвар оилали аёлга ўз хотинидек муносабатда бўларди. Шаҳина турмуш ўртоғини ишга кузатгач, Сарварга қўнғироқ қилиб уйига чақирар, номаҳрам эркак билан кечгача бирга бўларди.

Сарвар Шаҳинага “эринг билан ажраш, сени никоҳимга оламан” дейди. Шаҳина эса эри билан ажрашмаслигини айтиб, унинг таклифини рад этади. Унинг бу жавоби Сарварнинг ғазабини қўзғатади.

Шундан сўнг, С.Тошмуҳамедов тузган режасини амалга ошириш учун муқаддам судланган 24 ёшли Мустафо Темиров йўқ демади.

Икковлон келишиб олгач, бунинг учун керак бўладиган нарсалар, яъни арқон ва скотч сотиб олишади, пойтахтнинг чеккароқ жойидан уй ҳам топиб, қабиҳ ишларини ўша ерда амалга оширишни режа қилишади. С.Тошмуҳамедов режага асосан Т.Юнусов ишлаётган клиникага боради. Уни топиб, касал борлигини, юра олмаслиги сабабли уйда муолажа қилишини илтимос қилиб, алдайди. Ҳеч нимадан хабари йўқ Т.Юнусов унинг гапларига ишонади ва беморга ташхис қўйишда керак бўладиган тиббий асбоб-анжомларини олиб чиқади. Сарвар шифокорни ўз машинасида қабиҳлик учун тайёрлаб қўйилган манзилга олиб келади. Т.Юнусов уйга кириши билан икковлон уни уриб, тепиб, оёқ-қўлини боғлаб ташлашади. Бу ҳам етмаганидек, ожиз аҳволда қолган Т.Юнусовни қийноққа солишади. Унинг “Нима учун, айбим нима?” деган саволига С.Тошмуҳамедов “Сенинг хотининг менинг жазманим, у билан кўнгилхушлик қилишимга шунча вақтдан буён халақит қилиб келдинг, энди бунга чек қўяман” деб дағдаға қилади.

Инсонийлик қиёфасини йўқотган икковлон Т.Юнусовни оёқ-қўллари боғлиқ ҳолда уч кун мобайнида сувсиз, овқат бермасдан ўша жойда сақлашади. Учинчи куни С.Тошмуҳамедов “Бунинг жони қаттиқ экан, ёрдамлашиб юборамиз шекилли” дея қўлига арқон олиб, уни бўйнидан бўғиб ўлдиради ва жасадни гиламга ўраб қўяди. Тун ярмидан оққанида Сарвар таниши М.Мераимовга қўнғироқ қилиб, юк борлигини, Бектемир туманига олиб бориш кераклигини айтади. “Газель” машинасида айтилган манзилга келиб “юк”ни кўргач М.Мераимовнинг ҳуши бошидан учаёзади. С.Тошмуҳамедов эса унга кўрганларини ҳеч кимга айтмаслигини тайинлайди, гиламга ўралган жасадни Чирчиқ дарёси қирғоғига кўмиб ташлашади.

Шундан сўнг марҳумнинг тиббий асбоб-ускуналари, телефонларини со­тиб юборишади. Пластик картасидаги 4 миллион сўмдан ортиқ пулни ҳам Сарвар ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборган экан. С.Тошмуҳамедов ёпиқ қозон ёпиқлигича қолади, ундан ҳеч ким хабар топмайди деб қаттиқ янг­лишди.

Ўғли бир неча кундан буён йўқолиб қолганини билган Т.Юнусовнинг онаси бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар беради. Тезкор-қидирув ва суриштирув жараёнида Т.Юнусовни сўнгги бор С.Тошмуҳамедов олиб кетгани маълум бўлади. Клиникадаги кузатув камералари ёрдамида Сар­варнинг шахси аниқланиб, қўлга олинади. Дастлабки тергов жараёнида унинг ҳамтовоқлари ҳам ушланади. Фойдаланаётган телефонлари уланган мобил компаниялардан қотилларнинг ўзаро суҳбатлари ёзилган аудио­тасмалар олиб эшитилганда ҳам уларнинг мақсадига аниқлик ки­ри­тилади. Мурда кўмилган жойидан олиниб, ДНК экспертизаси ўтказилади ва жасад ҳақиқатан Т.Юнусовники экани маълум бўлади.
Афсусланарлиси, М.Мераимов қотилликда иштирок этмаса-да, мазкур қабиҳлик ҳақида тегишли жойга вақтида хабар бермагани учун жавобгарликка тортилди.

Суд ҳукмига кўра С.Тошмуҳамедов 18 йил, М.Темиров 17 йилга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, М.Мераимовга ҳам қилмишига яраша жазо тайинланди.

ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш