ИИВ ўзбек ва турк ишчилари ўртасидаги жанжалнинг сабабини маълум қилди


Илгари ИИВ ахборот хизмати томонидан жорий йилнинг 6 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида қурилаётган кўп қаватли уйларнинг қурилиш майдонида қурилиш-монтаж ишларини олиб бораётган ишчилар ўртасида ўзаро келишмовчилик оқибатида жанжал келиб чиққанлиги ҳақида маълумот берган эди.

Шунингдек, ушбу келишмовчиликнинг асл сабаблари ва қўшимча тафсилотлари ҳам ИИВ томонидан очиқланди. Қуйида вазирлик баёнотини эътиборингизга ҳавола этамиз.  

Маълум қиламизки, 2019 йилнинг 6 ноябрь куни Самарқанд шаҳар, Қора сув массиви, Обод Маскан маҳалласи ҳудудида “Агромир Билдинг” МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қавватли уйларнинг қурилиш майдонида қурилиш-монтаж ишларини олиб бораётган, Туркия давлати фуқаролари билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ўртасидаги келишмовчилик оқибатида, ўзаро тан жароҳатлари етказилган.

Суриштирув жараёнида, мазкур жанжал 1996 йилда туғилган Пайариқ тумани “Тохиршайх” маҳалласида яшовчи, якка тартибда мавсумий меҳнат билан шуғулланувчи ўзбек фуқароси С.П. “Агромир Билдинг” МЧЖ томонидан ёлланган қурувчи-монтажчи бир нечта турк фуқаролари билан оловда исиниш баҳонасидан келиб чиққанлиги, шундан сўнг у авжига чиқиб, юзага келган жанжалга қурилишга ёлланган бошқа Ўзбекистон фуқаролари аралашиб бир бирларига тан жароҳатлари етказилганлиги аниқланди.

Маълум қиламизки, қурилиш ишларига 1.800 дан кўп Ўзбекистон Республикаси ҳамда 200 дан ошиқ Туркия давлати фуқаролари жалб этилган.

Ушбу ҳолат натижасида Туркия давлати фуқароларидан тўрт нафари ва маҳаллий фуқаролардан бир нафари енгил тан жароҳати олишган.

Суриштирув жараёнида шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Туркия фукароларидан 4 нафари жабрланувчи, 11 нафари жанжалда иштирок этган фаол гувоҳ тариқасида ушбу жиноят ишига жалб этилган.

Шунингдек, 7 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг жабрланганлиги, жиноят ишидаги иштирокчилик ва айблилик даражасига тергов ҳаракатлари давомида тўлиқ аниқлик киритилади.

ИИВ матбуот хизмати


ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш