Шавкат Мирзиёев айрим раҳбарларнинг бефарқ ва масъулиятсизлигини кескин танқид қилди


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 ноябрь куни жорий йилда давлат бюджетига тушумлар прогнози ижросини таъминлаш, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жойларда янада ривожлантириш учун қўшимча имкониятларни аниқлаш ва ишга солиш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлиги ҳамда бу борадаги долзарб вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Ҳозирги кунда тадбиркорлар, ўрта ва кичик бизнес жаҳон мамлакатларида иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши учун асос бўлиб хизмат қилади. Ривожланган давлатларда тадбиркорлик субъектлари умумий корхоналар сонининг 90 фоиздан зиёдини ташкил этади ва меҳнатга лаёқатли аҳолининг 50 фоиздан ортиғини иш билан таъминлайди.

Жумладан, Японияда 71,7 %, Германияда 69,3 %, АҚШда 53 % фуқаролар ўрта ва кичик корхоналарда фаолият юритади. 2018 йилги ҳолатга кўра, Ўзбекистонда меҳнат билан банд аҳолининг 76,3 фоизи шу соҳада ишлайди.

Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектлари тараққий этган мамлакатларнинг ялпи ички маҳсулоти таркибида ҳам салмоқли ўринга эга. Хусусан, Хитойда буларнинг улуши 60 фоизни, Германияда – 57 фоиз, Сингапурда – 53, АҚШ ва Буюк Британияда – 52, Японияда 51,6 фоизни ташкил этади. Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотида мазкур соҳа улуши 59,4 фоиздир.

Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва бизнес муҳитини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида, Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш – 2020” ҳисоботида Ўзбекистон 7 поғонага кўтарилиб, 69-ўринни эгаллади ва дунёнинг энг яхши 20 та ислоҳотчи давлати қаторидан жой олди. Янги корхона очиш қулайлиги бўйича юртимиз илк бор дунёда саккизинчи ўринга кўтарилди.

Бундай имкониятлар натижасида жорий йилнинг ўтган 10 ойида 91 мингта ёки 2018 йилгига нисбатан 2 баробар кўп янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди.

Лекин ҳали соҳа ривожи йўлида қилинадиган ишлар ҳам кўп.

“Бизнес юритиш – 2020” ҳисоботида кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш, жумладан, ер ажратиш, қурилиш ва мол-мулкни рўйхатга олиш борасида қулайликлар яратиш керак.

Шу боис бугунги видеоселектор йиғилишида тадбиркорларга ерни онлайн аукцион орқали бериш, мулкни рўйхатдан ўтказиш бўйича идоралараро электрон ахборот алмашинувини таъминлаш зарурлиги таъкидланди. Хорижий тажриба асосида, мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан мустақил ўтказишга масъул алоҳида тузилма ташкил этиш таклифи билдирилди.

Президентимиз ҳокимлар 50 фоиз иш вақтини янги кичик бизнес субъектлари ташкил этиш ва ишлаётган тадбиркорларнинг муаммоларини аниқлаш ҳамда ҳал этишга сарфлаши лозимлигини таъкидлаб, жуда кўп раҳбарлар бунга бефарқлик ва масъулиятсизлик билан қараб келаётганини кескин танқид қилди.

Буни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарига келиб тушган 26 мингта мурожаатнинг деярли ярми бевосита туман даражасида ҳал қилиш мумкин бўлса-да, муаммолар жойида ечилмагани учун фуқаролар юқори идораларга мурожаат қилишга мажбур бўлаётгани ҳам яққол кўрсатиб турибди.

Бундай ҳолатлар Самарқанд, Тошкент, Хоразм, Андижон, Жиззах, Қашқадарё вилоятларида анча юқори.

Шунинг учун, барча вилоят ва туманлар ҳокимлари икки кун муддатда Тадбиркорларга мурожаат қабул қилиши бўйича кўрсатма берилди.

Мурожаатда тадбиркорлар олдида бундан кейин ҳеч қандай тўсиқлар бўлмаслиги, ҳудуддаги барча раҳбарлар уларга яқиндан кўмакчи бўлиши, ҳар куни доимий равишда тадбиркорлар масалалари билан шуғулланиши тўғрисида ҳокимлар шахсан кафолат беради.

Мурожаатнинг бош мазмуни ҳамма нарса тадбиркор учун эканлигини халқимизга етказишдан иборат. Шунинг учун Мурожаатни оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва аҳоли гавжум жойлардаги баннерларда эълон қилиб, унда ҳокимлар, секторлар ва мутасадди идоралар раҳбарларининг телефон рақамлари ҳам кўрсатилиши шартлиги белгиланди.

Бундан ташқари, ҳудудий ишчи гуруҳлар жойларда юриб, ҳокимлар ва секторлар раҳбарлари билан бирга тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ишларни самарали ташкил этиши кераклиги таъкидланди.

Маълумки, тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган давлат дастурларини молиялаштириш учун Халқ банки, Микрокредитбанк ва Агробанк масъул этиб белгиланиб, уларга етарлича ресурслар ажратиб берилган.

Йиғилишда мазкур молия ташкилотлари ҳамда ҳудудий ишчи гуруҳлар раҳбарлари жойларда тадбиркорликнинг янги имкониятларини топиш ва ҳаётга татбиқ этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар бўйича ҳисобот берди.

Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари, Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсман, тижорат банклари ва бошқа ваколатли идораларнинг ўзаро ҳамкорлиги жойларда ҳали сезилмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Соҳадаги барча масалалар ҳокимликлар, Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Савдо-саноат палатаси, Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва банкларнинг ўзаро ҳамкорлигида ечилиши зарурлиги қайд этилди.

ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш