Президент мева-сабзавотчилик тармоғи бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 ноябрь куни мева-сабзавотчилик тармоғини янада ривожлантириш ва экспортини ошириш, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди. 


Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан боғдорчилик тармоғи ва иссиқхона хўжаликларида бошқарув тизимини яхшилаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий этиш, қишлоқ хўжалигида кооперацияни йўлга қўйиш, замонавий ресурс тежамкор технологиялар асосида юқори сифатли, рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, озиқ-овқат саноатини жадал суръатларда ривожлантириш мақсадида қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Шунга қарамасдан, жаҳон бозорида мева-сабзавот маҳсулотлари савдоси 205 миллиард долларни ташкил этган бир пайтда, бизнинг улушимиз бир фоизга ҳам етмаяпти.

Бугунги йиғилишда қайд этилганидек, келгуси йилда мева-сабзавот экспортини 2,5 миллиард долларга етказиш, кейинги уч йилда бу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказиш имкониятлари мавжуд.

Давлатимиз раҳбари таъкидлашича, бунга эришиш учун экин ва навларни тўғри танлаш, ҳосилдорлик ва даромадни камида икки-уч баробарга ошириш, исрофгарчиликларни олдини олиш, маҳсулотларни сақлаш, логистика масалалари, экспортни тўғри ташкил этиш лозим.

Бугунги кунда дунё бозорларида гилос, ўрик, олхўри, анор, узум, бодом, цитрус мевалар каби маҳсулотларга талаб юқори ва ушбу маҳсулотлар экспорт тушумининг асосий қисмини ташкил этмоқда.

Ўзбекистонда бундай мевазорлар, айниқса интенсив усулдаги боғлар етарлича ташкил этилмаётгани, боғ ва токзорлар яроқсиз ҳолатга келиб қолгани сабабли уларнинг иқтисодий самарадорлиги ўта паст даражада қолаётгани, қатор туманларда минглаб гектар эски боғлар йиллар давомида ҳосил бермаётгани танқид қилинди. Ҳанузгача “маҳсулот етиштириш – харид қилиш – сақлаш ва қайта ишлаш – экспорт” занжирини ташкил этадиган кооперация тизими жорий қилинмаган.

Яна бир салбий ҳолат узумчиликни ривожлантиришда виночилик корхоналарининг ўрни сезилмаётгани билан боғлиқ.

– Бу каби муаммолар таъсирида мамлакатимизда маҳсулотларни йиғиштириш ва сақлашдаги йўқотишлар ҳажми 30 фоиздан камаймаяпти, – деди Президент. – Яъни, олинган мева нобуд бўлиб, тупроққа қорилмоқда. Бундай шароитда қандай янги боғ ва токзорлар ҳақида гапириш мумкин?

Қайд этилганидек, бир қатор туманлар пахта етиштиришни қисқартириб, мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилди. Афсуски, ушбу йўналишда ҳам ишлар қониқарли даражада бўлганича йўқ.

Йиғилишда айтилган чора-тадбирлар ижросини самарали ташкил этиш учун ҳар бир йўналишга мутасадди раҳбарлар масъул этиб белгиланди.

ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш