Кун мавзуси: ИШИД раҳбари ал-Бағдодий ростдан ўлдирилдими?


Бугун АҚШ президенти Доналд Трамп АҚШ ҳарбийларининг Суриянинг Идлиб вилоятида ўтказилган амалиёт чоғида ИШИД террорчи гуруҳи раҳбари Абу Бакр Бағдодийни йўқ қилганини маълум қилди.

Унинг таъкидлашича Бағдодий эгнига кийиб олган камзулидаги портловчи моддаларни ҳаракатга келтириб ўзини ўзи портлатиб юборган. Шу ерда бир қизиқ фактни ҳам келтириб ўтсам. Трамп баёнот чоғида 11нафар боланинг қутқарилганини, лекин Бағдодийнинг 3 нафар болани ўзи билан олиб кетганини маълум қилган. Худди шундай маълумот ижтимоий тармоқларда яқин атрофда яшайдиган кишилар томонидан ҳам худди шу ҳолатни кўргани ҳақидаги маълумотлар ҳам тарқалган. Бағдодий жойлашган уй эса, Ал Қоиданинг Суриядаги бир бўлимига тегишли эканлиги ҳам маълум бўлмоқда. Лекин, Ал Қоида ва ИШИД ўртасидаги муносабатлар ҳеч қачон яхши бўлмаган. Бу ерда саволлар пайдо бўлади. Хўш Бағдодий Ал Қоидага тегишли ҳудудга нега борган? Бунинг икки сабаби бўлишини тахмин қилишимиз мумкин: бири, Бағдодий Ал Қоида билан муносабатларни тиклаб, янги шерикка эга бўлиш илинжида борган; иккинчиси, уларнинг ораси доим яхши бўлган ва доимги бир ташриф бўлган.

Ушбу ўтказилган амалиёт учун кўрсатган ёрдами учун Трамп Россия, Туркия, Ироқ ва Сурия ҳукуматларига миннатдорчилик билдирган.

Трампнинг ушбу операциядаги муваффақияти унинг ҳатто, ўз электорати олдида ҳам тушиб бораётган обрўсини қайта тиклашига туртки бериши тахмин қилинмоқда. Трампнинг мавқеи тушишига АҚШ қўшинларининг Сурия ҳудудидан олиб чиқиб кетилиши сабаб бўлган.

Эслатиб ўтиш керакки, Бағдодий охирги марта омма олдида шу йилнинг апрел ойида видео орқали кўриниш берган. Ундан олдин эса 2014-йилги ўша машҳур чиқиши чоғида, Мосулдаги Ал Нур масжидида омма олдида гапирган эди.

ИШИД террорчи гуруҳи 2014-2017-йилларда Сурия ва Ироқнинг жуда катта ҳудудларини эгаллаб олган эди.

Яна бир нарсани таъкидлаш жоизки, Бағдодий ўлими ҳақида бундан олдин ҳам бир неча бор хабарлар тарқалган эди. Лекин, ҳеч бири тасдиқланмаган. Бугун ҳам жасад қаттиқ шикастланганлиги айтилди, аммо ДНК тести жасаднинг айнан Бағдодийга тегишли эканини тасдиқлаган.

Жаҳонгир Остонов

ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш