Каратэ мусобақаси вақтида жанжаллашган расмийлар жазога тортилди


2019 йил 16 октябрь куни соат тахминан 17:00ларда Тошкент шаҳридаги «Универсал» спорт саройида бўлиб ўтаётган каратэ бўйича ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасидаги Ўзбекистон кубоги мусобақасида низоли ҳолат келиб чиққан.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мазкур воқеа юзасидан расмий баёнот берди.

Унда мусобақа ҳаками Бўриев Азизбек Эшбоевич, Тошкент вилояти «Чемпион» каратэ спорт клуби тренери Юсупов Дилшод Маърупович ҳамда Сурхондарё вилояти каратэ миллий федерацияси тренери Исматуллаев Абдулазиз Иноятуллаевичлар ўртасида мусобақа якуний натижаси юзасидан ўзаро тортишув келиб чиққан. Мазкур келишмовчилик оқибатида бирон бир шахс тан жароҳати олмаган. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси раёсати юқоридаги спорт мутахассисларига нисбатан хизмат текшируви тайинлади.

Текширув якуни юзасидан Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси ҳаками Бўриев А.Э.ни икки йилга ҳакамлик иш фаолиятидан четлаштириш, Сурхондарё вилоят каратэ миллий федерацияси тренери Исматуллаев А.И.ни уч йилга ва Тошкент вилояти «Чемпион» каратэ спорт клуби тренери Юсупов Д.М.ни икки йилга тренерлик фаолиятидан четлаштириш ҳақида қарор қабул қилинди. Мусобақа бош ҳаками Қорабоев Қосимжон Ҳошимовичга эса ҳайфсан эълон қилинди.

Ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мазкур ҳолат иштирокчиси, каратэ бўйича Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоаси катта тренери ҳамда олий тоифали тренери Бўриевни миллий терма жамоа таркибидан чиқарган.



ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш