Навбатда Андижон. Туғилган кунда 26 киши заҳарланди


8 октябрь куни соат 20:30 да Андижон туман юқумли касалликлар шифохонасига 4 нафар фуқаро кўнгил айниши, қайт қилиш, бош оғриши, умумий ҳолсизланиш, ич кетиши, ошқозон соҳасидаги оғриқ, тана ҳароратининг кўтарилиши каби шикоятлар билан мурожаат қилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги хабар берди. 

Сўнгра соат 24:00 га қадар фаол аниқлаш йўли билан 23 нафари «овқат токсикоинфекцияси» бирламчи ташхиси билан шифохонага ётқизилган.

Уларнинг 24 нафари Андижон туманининг 35-мактаб ўқувчилари, 1 нафар синф раҳбари, 1 нафар мактаб ўқувчисининг онаси, яъни туғилган кун муносабати билан торт тайёрлаб олиб борган фуқаронинг ўзи ҳам заҳарланган.

Шунингдек, 1 нафар шу синфнинг ўқувчиси уйда тарбияланаётган кичик ёшдаги синглисига ўша торт бўлагидан берганлиги натижасида унда ҳам заҳарланиш қайд этилган.

Ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини олиб бориш учун воқеа жойига вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят санитария-эпидемиология осойишталиги маркази, вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорати инспекцияси мутахассислари жалб этилди. Барча беморлардан олинган таҳлил намуналари вилоят СЭОМ лабораториясида ўрганилмоқда. Ҳозирда шифохонада 12 нафар бемор даволаняпти, 15 нафари аҳволи яхшилангани учун уйига рухсат берилган.

Беморларнинг аҳволи, лаборатория таҳлил натижалари, якуний ташхис ҳамда ўтказилган профилактик ва эпидемияга қарши тадбирлар тўғрисида қўшимча ахборот тақдим этилади.

Бироз аввал Соғлиқни сақлаш вазирлиги Самарқандда 26 киши хот-догдан заҳарланганини маълум қилганди.

ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш