Истеъмолчи сифатсиз маҳсулот сотиб олиб чув тушди. Кейинчи?


Фурқат туманининг “Кўк-дўппи” қишлоғида истиқомат қилувчи Д.Абдуллаева Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига қилган мурожаатида маиший техникалар дўконидан шартнома асосида кондиционер сотиб олганлигини, лекин маиший техника сифатсиз чиқиб, яхши совутмаганлиги ҳолатидан норози бўлиб, сотувчига мурожаат қилганлиги, товарни мақбул сифатлисига алмаштириб берилиши талабини қўйганлигини баён қилганди.

Истеъмолчи уйида ногирон фарзанди иссиқдан азият чекаётганлигини, кондиционер сотиб олишининг асосий сабабларидан бири ҳам айнан шу эканлигини сотувчи тушунтиришга уринса-да, у турли важлар билан истеъмолчининг қонуний талабини бажармаган.

Маълумки, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасида, истеъмолчи сотиб олинган товарда нуқсонларни аниқласа ва ушбу масалада сотувчига ўз эътирозлари билан мурожаат қилиб, товарни мақбул сифатдагисига алмаштириш талабини қўйса, сотувчи етти кунлик муддат ичида унинг қонуний талабларини қондириши шарт. Агар ушбу ҳолатда товар сифатини сотувчи томонидан қўшимча равишда текшириш зарур бўлса, ушбу муддат йигирма кунгача чўзилиши мумкин. Агар истеъмолчи нуқсонли товарни худди шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга алмаштириш талабини қўйса-ю, сотувчида худди шундай товар бўлмаса, товарни алмаштириш ишлари бир ойгача бўлган муддат ичида ҳал қилиб берилиши лозим.

Юқоридаги муддатларнинг ўтказиб юборилган ҳар бир куни учун сотувчи истеъмолчига алмаштирилган товарни бериш билан бир вақтда товар баҳосининг бир фоизи миқдорида (пеня) тўлайди. Туман жамияти ходимлари, сотувчига қонуннинг юқоридаги талабларини тушунтиргач, томонлар ўртасида тузилган шартнома бекор қилиниб, нуқсонли кондиционерни дўконга ва 4 957 726 (тўрт миллион тўққиз юз эллик етти минг етти юз йигирма олти) сўм пулни эса истеъмолчига қайтарилишига эришилди.
Гулнигор Қаюмова,
Фурқат туман ИҲҲҚ жамияти бош мутахассиси

ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш