"Биз кўп гўшт еяпмиз..." баёнотидан кейинги фикрлар


Айни кунларда ижтимоий тармоқда гўшт бўйича Фермерлар кенгаши раиси Актам Ҳайитовнинг баёноти кенг муҳокама қилинмоқда. Телеграмдаги Bakiroo канали бу муаммони таҳлил қилди.

Кеча гўшт нархи ошиб бораётгани сабаблари ҳақида тўхталиб таниқли чиновниклардан бири икки асосий омил борасида айтиб ўтибди. Озуқа масаласи ва кўп гўшт еяётганимиз.

Озуқа масаласида чиновник ҳақ - чорва моллари сонига нисбатан озуқа инфратузилмаси ортда қолмоқда. Яйловлар, ем-ҳашак етиштириш учун дала майдонлари етарли эмас. Саноат даражасида озуқа етиштириш эса 90- йиллар даражасида қолиб кетган.

Афсуски, иккинчи масаладаям чиновник ҳақ, биз ростанам кўп гўшт еяпмиз, оч-наҳорлик ёқасидаги 90- йиллар билан солиштирганда албатта. Ўзбекистон барча ўлчов ва индекслар бўйича жуда кам гўшт ейдиган мамлакатлар қаторидан чиқиб кам гўшт ейдиган мамлакатлар қаторига яқиндагина қўшилди. Менимча, чиновник шуни айтмоқчи бўлган, лекин сўз, тажриба ва ахборот бойлиги етмаган.

Кечаги прессухада яна бир ҳақиқат айтилишини кутгандим. Уям бўлса, гўшт қимматлашишда давом этаётгани сабабларидан бири бу унинг Ўзбекистонда ишлаб чиқариш усулининг ўрта асрлар даражасида қолиб кетаётганлигидир. Расмий статистикага кўра 90%дан ортиқ гўшт шахсий ва ёрдамчи хўжаликларда етиштирилади. Яъни ибтидоий натурал хўжалик муҳитида. Бу муҳитда гўшт таннархи арзонлашмайди, меҳнат ва вақт сарфи ўта юқорилигида бу имконсиз, гўшт фақат қимматлашади. Шу сабабли гўшт нархи мувозанатлашиши йўлидаги илк қадам натурал ишлаб чиқаришдан саноат ишлаб чиқаришга ўтиш бўлиши лозим. Дарвоқе, товуқ гўшти борасида 90- йиллар ва нўлинчи йиллардаги аҳволни эсланг. Ўшанда ечим ҳар бир хўжаликда товуқ боқиш билан эмас, йирик паррандачилик комплексларини яратиш орқали кўрилган ва бу тўғри бўлганини бугун парранда гўшти таклифидаги хилма-хиллик ва ҳамёнбопликдан кўриш мумкин.

Ва албатта гўшт нархи ошиши яхши сигнал, қилган хатоларни ўнглаш ва энди нима қилишимиз лозимлиги борасидаги сигнал. Фақат бу сигнални тўғри англай олишимиз лозим.

ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш