Ўзбекистоннинг икки ҳудудида шамол электр станциялари қурилади


Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) кредит маблағлари ҳисобидан, шунингдек, 2019 йил 2 апрелдаги тегишли қарорига асосан Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси иштирокида Ўзбекистонда шамол электр станциялари қуриш бўйича инновацион лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган эди. Айни пайтда бу борадаги ишлар янги босқичга чиқди. Бу ҳақда “Ўзбекистон МЭТ” АЖ ахборот хизмати хабар берди. 

Илк лойиҳалар Нукус шаҳри яқинидаги Қоратоу ҳудудида 100 МВт қувватли ҳамда Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри яқинида 200 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш учун мос ерни аниқлаш билан бошланган эди. Бунинг учун дастлаб мамлакатимиздаги ҳудудларда мунтазам шамол йўналишларини аниқлаш бўйича германиялик мутахассислар билан тадқиқот ишлари олиб борилди ва лойиҳанинг техник талабларига мос ҳудудлар аниқланди.

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан электр узатиш линияларининг мавжуд ҳолатини техник жиҳатдан қайта кўриб чиқиш ва таҳлил қилиш, шунингдек, шамол электр станцияларини Республикамизнинг энергия тизимига интеграциялашувини таъминлаш бўйича ҳаракатлар режасини ишлаб чиқилди. Хорижлик мутахассислар иштирокида техник топшириқлар лойиҳаси атрофлича муҳокама этилди. Жорий йилнинг 29 август куни “Ўзбекистон МЭТ” АЖда бўлиб ўтган учрашувда ҳар икки лойиҳанинг мазкур босқичига оид келишувлар расмийлаштирилди.

Эндиликда Қорақалпоғистоннинг Қоратоу ҳудудида қурилиши режалаштирилаётган 100 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш бўйича Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг техник комиссияси маслаҳатчилари ўз ишини якунлагач, лойиҳа учун тендер ҳужжатларини ишлаб чиқиш босқичи бошланади. Ушбу лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилиб, давлат томонидан хусусий шерикни танлаш учун тендер танловлари ўтказилиши 2020 йилнинг январь-февраль ойларига режалаштирилган.

Навоий вилоятидаги лойиҳа юзасидан Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси ва “Sredazenergosetproekt” АЖ ўртасида шартнома имзолаш учун зарур бўлган ҳисоб-китоб ишларини якунланиб, техник топшириқлар иловаси тегишли тартибда тасдиқланди.

ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш