Бош Прокуратура яккабоғлик тадбиркорни «Тоштурма»га олиб келингани, собиқ икки Бош Прокурор тақдири ҳақида маълум қилди



Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида журналистлар учун брифинг бўлиб ўтди. Унда ушбу идоранинг 2019 йил дастлабки олти ойидаги фаолияти муҳокама қилинди.

Бош прокуратура Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсуддинов журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

Хусусан, Ҳ.Шамсуддиновнинг айтишича, собиқ бош прокурор Отабек Муродов ДХХнинг собиқ раҳбари Ихтиёр Абдуллаев иши доирасида тергов қилинмоқда. У ишнинг қолган қисми тергов сири бўлгани учун, изоҳ бера олмаслиги, аммо расмий маълумот чиқиши билан бу ҳақда хабар қилинишини қўшимча қилди.

Онлайн нашримизда собиқ прокурор О.Муродовга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабар бергандик.
Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи яна бир собиқ бош прокурор Рашид Қодиров ҳақида берилган саволга аниқ жавоб бермайди.

Хабарингиз бор, давлат раҳбари 2018 майида Андижон вилоятига ташрифи чоғида Р.Қодиров иши ҳақида тўхталиб ўтган эди: “Мана, Рашид Қодиров гуруҳи билан қамоқда ўтирибди. Миллион-миллион долларларни қайтаряпти. 2-3 ойдан кейин унинг ўзи телевидение орқали барчани қандай порахўр қилганини айтиб беради. Ҳар бир туман прокуроридан 30-40 минг АҚШ доллари олган. Ҳозир у барчасини қайтаряпти. Биргина ўғли миллиардер. Бошқа ташкилотлар раҳбарлари ҳам, МХХ (ҳозирги ДХХ)нинг 5 собиқ ўринбосарлари ҳам қамоқда. Уларнинг ҳаммаси ўғри. Қандай бўлмасин, мен ҳаммасини жойига қўяман.
Уларнинг ҳаммаси Болтиқбўйида уйлар қурган. Ҳатто Амир Темур бунақа уйларда яшамаган. Бу кимнинг пуллари – халқники. Шу боисдан ҳам прокуратурада 70 фоиз ходим алмашди. Мен ҳаммани кечираман, аммо ўғри ва хоинларни кечирмайман. Мана шуни халқим билиши керак”. Президент ўшанда Р.Қодировнинг ўзи телевидение орқали коррупция ҳақида, “яширин схемалар” хусусида гапириб беришини айтган эди.

Р.Қодиров қачон ойнаи жаҳон орқали ўз қилмишлари ҳақида ҳикоя қилиб бериши ҳақида берилган саволга Ҳ.Шамсуддинов жавоб бера олмаслигини билдирган.

Ўз навбатида Ҳ.Шамсутдинов Яккабоғ туман ҳокими ўринбосарини ёқиб юборган тадбиркор Баҳриддин Исомов Тошкентдаги 1-сонли тергов изоляторига жойлаштирилгани, ҳозирда у 15 кунлик карантинда эканлиги, тергов натижасида ҳаммаси аниқ бўлишини айтиб ўтгани ҳақида «xs.uz» нашри маълум қилди.

ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш