Суд ҳукми билан 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган Жиззах вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи оқланди


“Jahon.uz” ахборот порталининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги ишончли манбаси тақдим этган ҳужжатларга кўра, 2019 йил июль ойининг 12 куни жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди кассация инстанцияси судлов ҳайъати Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг 2012 йил 16 ноябрдаги ҳукми асосан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси(ЖК)нинг 205-моддаси 2-қисми “а,б” бандлари, 210-моддаси 3-қисми “б” банди билан судланган Жиззах вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаган, ҳозирги кунда нафақада бўлган Ҳақназаров Шавкатни оқлади.

1957 йил 17 февраль куни Нурота туманида туғилган, Жиззах вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаган, ҳозирги кунда нафақада бўлган Ш.Ҳақназаров томонидан келтирилган кассация шикоятига асосан жиноят ишини кассация тартибида кўриб чиқди.

Ш.Ҳақназаровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 205моддаси 2-қисми “а,в” бандлари билан 2 йил муддатга раҳбарлик ва моддий бойликлар ҳаракати билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш,  ЖКнинг 210-моддаси 3-қисми “б” банди билан 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш, ЖКнинг 45-моддасига асосан 2 йил муддатга раҳбарлик ва моддий бойликлар ҳаракати билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазолари тайинланиб, ЖКнинг 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қушиш йўли билан узил-кесил 3 йил муддатга рахбарлик ва моддий бойликлар ҳаракати билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.

Суднинг ҳукмига кўра, судланган Ш.Хақназаров 2004 йил 15 ноябрь кунидан 2012 йилнинг 31 май кунига қадар Жиззах вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келиб, эгаллаб турган лавозими ва бажариб келган амалларига кўра масъул мансабдор шахс бўла туриб, ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ва мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора бераётган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши эвазига, 2006 йил 2 январь куни соат 10 лар атрофида унинг хизмат хонасига кирган фуқаро Р.Ҳакимова билан унинг, Пахтакор тумани ФҲДЁ бўлимида архивариус вазифасида ишлаб турган қизи М.Икромовани шу бўлимда бўш турган иш юритувчи вазифасига ишга ўтказиш ва ушбу ҳаракатни фуқаро Р.Ҳакимова ва унинг қизи М.Икромоваларнинг фойдасига бажариши эвазига, қонунга хилоф эканлигини била туриб, мулкий наф кўриш мақсадида фуқаро Р.Ҳакимовадан 200 АҚШ доллари миқдоридаги моддий маблағни тамагирлик йўли билан ўзининг хизмат хонасида шахсан ўзи пора тариқасида олганликда;  Шунингдек, судланган Ш.Ҳақназаров масъул мансабдор шахс бўла туриб, ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ва мумкин бўлган муайян ҳаракатни, шу жумладан ФҲДЁ бўлими мудиралигига номзодни тақдимнома кўрсатиш йўли билан Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлигига мурожаат қилиши хусусида, 2006 йил 7 июль куни Жиззах вилояти Адлия бошқармасида жойлашган ўзининг хизмат хонасида фуқаро Р.Ҳакимовадан уни манфаатларини кўзлаб, Р.Ҳакимовани Жиззах вилояти Дўстлик тумани ФҲДЁ бўлими мудираси вазифасига Адлия Вазирлиги томонидан тайинланиши учун хизмат қиладиган Жиззах вилоят Адлия бошқармасининг ўзи имзолайдиган тақдимномасини киритиши эвазига, тамагирлик йўли билан, қонунга хилоф эканлигини била туриб, мулкий наф кўриш мақсадида, фуқаро Р.Ҳакимовадан 1.000 АҚШ доллари миқдорида ҳамда 2006 йил 11 октябрь куни яна 1.000 АҚШ доллари миқдорида, жами 2.000 АҚШ доллари миқдоридаги моддий маблағни такроран, шахсан ўзи пора тариқасида олганликда; Бундан ташқари, судланган Ш.Ҳақназаров масъул мансабдор шахс бўла туриб, ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан ФҲДЁ бўлими мудиралигига номзодни тақдимнома кўрсатиш йўли билан Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлигига мурожаат қилиши хусусида, содир этиши лозим ва мумкин бўлган ҳаракатни бажариш, яъни Жиззах вилояти Зафаробод тумани ФҲДЁ бўлими мудираси вазифасида ишлаб келаѐтган фуқаро М.Усмановани манфаатларини кўзлаб, уни Жиззах вилояти Арнасой тумани ФҲДЁ бўлими мудираси вазифасига Адлия Вазирлиги томонидан тайинланиши учун хизмат қиладиган Жиззах вилоят Адлия бошқармасининг ўзи имзолайдиган тақдимномасини киритиши эвазига, тамагирлик йўли билан, қонунга хилоф эканлигини била туриб, мулкий наф кўриш мақсадида, фуқаро М.Усмановадан 2006 йил 8 август куни 500 АҚШ доллари миқдоридаги моддий маблағни, такроран, шахсан ўзи пора тариқасида олганликда айбланган эди.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг 2012 йил 16 ноябрдаги Ҳақназаров Шавкатга нисбатан чиқарилган ҳукми бекор қилинди.

Ш.Ҳақназаровнинг қилмишида жиноят таркиби мавжуд эмаслиги сабабли Ўзбекистон Республикаси  ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши ҳаракатдан тугатилиб, Ш.Ҳақназаров айбсиз деб топилди ҳамда оқланди.

ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш