Тошкент Давлат Юридик университети талабасига нисбатан тугатилган жиноят иш қайтадан тикланди


“Jahon.uz” ишончли манбаси томонидан берилган маълумотларга кўра, 2019 йил 18 июль куни, Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят судига, Сурхондарё вилоят прокурори бўлажак юрист “иши” доирасида кассация протести келтирди.

Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман судининг 2016 йил 10 сентябрь кунидаги ажримига кўра, Тошкент Давлат Юридик университетининг 2 босқич талабаси Н.Т.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жиноят иши ЖКнинг 661-моддаси тартибида томонларни ярашганлиги муносабати билан тугатилган эди.

Суднинг ажримига кўра, судланувчи Н.Т 2016 йил 7 август куни соат 16:00 да ўзига тегишли бўлган “Нексия” русумли автомашинасида М-41 автомобиль йўлида (“Денов-Шўрчи” ҳаракат йўналиши бўйича бошқариб келиб) бошқарувни йўқотиб, йўлнинг чап тараф чекка қисмидан ўнг тараф чеккасига пиёда кесиб ўтаётган вояга етмаган Б.Ҳни уриб кетиб, йўл-транспорт ҳодисасини содир этган.

Натижада вояга етмаган Б.Ҳ. ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати олиб, Шўрчи туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимига етказилган.

Протестда Н.Т.нинг ҳимоя ҳуқуқи бузилганлиги (Бўлажак юрист судда адвокат билан таъминланмаган)сабабли, суд ажримини бекор қилиб ишни янгитдан кўриш учун юбориш масаласи қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 661-моддасида ЖКнинг 266-моддасининг биринчи қисмида (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) назарда тутилган жиноятни содир этган шахс, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкинлиги белгиланган.

Кассация инстанциясида сўралган гумонланувчи Н.Т суд томонидан ўзига ярашув ҳуқуқини тушунтирмаганлиги, ҳимоячиси бўлмаганлиги бу жиноятни содир этмаганлиги, терговда тушунтирилмаганлиги сабабли ярашишга рози бўлганлиги, бироқ ўзи нимага қўл қуяётганини терговчи тушунтирмаганлиги, судда ҳам тушунтирилмаганлиги сабабли суднинг ажримини бекор қилишни сўраган.

Судлов ҳайъати, ярашув ихтиёрий бўлмаганлиги, Н.Тнинг ҳимоя ҳуқуқи бузилганлиги сабабли биринчи босқич судининг ажримини бекор қилиб, жиноят ишини янгитдан судда кўриш учун бошқа суд таркибига юборишни, протестни қаноатлантиришни лозим топди.

ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш