Нега мавсумий фойдаланиладиган иссиқлик тизими учун йил давомида ҳақ тўланади? — Вазир изоҳ берди



Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ҳудудларда уй-жой коммунал соҳа инфратузилмасини ривожлантириш муаммолари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Музаффар Солиев, вазир ўринбосарлари Назиржон Назиров, Ғофир Жамолов, Тоҳир Ҳайдаров ва вазирликнинг бошқа мутасаддилари иштирок этди.

Таъкидланишича, жорий йилда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини яхшилаш учун давлат бюджети ҳисобидан 926,4 млрд сўм ва хорижий инвестициялар ҳисобидан 95 млн доллар миқдорида маблағлар ўзлаштирилиши режалаштирилган. Давлат Инвестиция дастури бўйича ҳудудлардаги 328 та қишлоқ аҳоли пунктида ичимлик сув таъминоти яхшиланади.

Республикада ичимлик сув манбаси мавжуд бўлмаган 1700 та олис аҳоли пунктига ва 1100 дан ортиқ ижтимоий муассаса объектига жами 2000 га яқин махсус техника орқали тоза ичимлик суви ташиб берилаётгани маълум қилинди.

Журналистлар аҳоли мавсумий фойдаланиладиган иссиқлик тизими учун нега йил бўйи пул тўлаши лозимлиги ҳақида савол берди.

“Республика бўйича мавжуд 34 500 та кўп вақатли уйнинг 60 фоизи марказлашган иссиқлик тизими лойиҳаси бўйича иситилади, — деди Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Музаффар Солиев. — Бу эски лойиҳа бўйича қилингани ва очиқ тизимда ишлагани боис жуда катта электр энергияси ва тоза ичимлик сувини талаб этади. Яъни, совуқ сувни олиб, газни харид қилиб, иссиқ сувни етказиб бериш катта харажат талаб қилади. Агар бу харажат уч ойга бўлинадиган бўлса, аҳолига оғирлик қилади. Шунинг учун бу суммани 12 ойга бўламиз. Йилнинг қолган 9 ойида эса иссиқ сув ишлаб чиқарамиз”.

Вазир ўринбосари Назиржон Назировнинг айтишича, республика бўйича 34 мингта кўп қаватли уйга 4500 дан ортиқ ширкат хизмат кўрсатяпти. Ҳар бир уй хатловдан ўтказилган ва уларнинг 20 мингдан ортиғи таъмирга муҳтож, 450 дан ортиқ авария ҳолатидаги уйлардир.

“Тасдиқланган Дастурга кўра, 2021 йилгача маҳаллий, республика бюджети ва банк кредитлари асосида Ўзбекистондаги кўп қаватли уйларнинг барчасини тўлиқ таъмирланади, — дея таъкидлади Назиржон Назиров. — Шу мақсадда тижорат банкларидан 1 трлн 260 млрд сўмлик маблағ жалб қилинган. Бу маблағлар халқдан тушаётган пул билан қопланиши керак. Аммо бугунги кунда 150 млрд сўмлик муаммоли кредитлар пайдо бўлган. Мажбурий тўловларни ундириш масаласи айниқса, Тошкент шаҳрида яхши кетмаяпти”.

Мутасаддилар ичимлик суви ташиб етказиладиган энг кўп аҳоли пунктлар Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Хоразм, Бухоро вилоятларида жойлашганини билдирди. 

“Ичимлик суви бўйича энг оғир аҳвол Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида, — деди вазир ўринбосари Тоҳир Ҳайдаров. — Бу ерда Президентимизнинг вилоятга ташрифи доирасида берилган топшириқлар асосида махсус лойиҳа амалга оширилмоқда”.

Лойиҳа асосида туманга 77 км узунликдаги сув қувурлари олиб келинмоқда ва  бу орқали ҳудудда 16 та сув тарқатиш маркази қурилади. Натижада аҳолининг 76 фоизи ичимлик суви билан тўлиқ таъминланади.

Қайд этилишича, яна шундай жойлар жойлар борки, ичимлик манбаси бор, аммо ичишга яроқсиз. Масалан Бухоро вилоятида. Уларга сувни чучуклаштирувчи усканалар ёрдамида аҳолига истеъмолга яроқли сув етказиб берилмоқда. https://aoka.uz/article/c23k68wtxl17-nega-mawsumij-fojdalaniladigan-issilik-tizimi-uchun-jil-dawomida-a-tlanadi-vazir-izo-berdi

ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш