Суд ҳукми билан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ходими фирибгар деб топилди



Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Навоий вилоят бошқармаси тезкор бўлими катта инспектори лавозимида ишлаб келган Улуғбердиев Хуршид Қаршибекович фирибгарликда айбланди.

2019 йил 10 июль куни Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди кассация инстанцияси судлов ҳайъатида навбатдаги очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди.

“7news.uz” нашрига ишончли манба томонидан тақдим қилинган суд ҳукмига кўра, Улуғбердиев Хуршид Қаршибекович Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Навоий вилоят бошқармаси тезкор бўлими катта инспектори лавозимида ишлаб келиб, 2018 йил 19 ноябрь куни қамоққа олинган.

Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг ҳукмига кўра, Хуршид Улуғбердиев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг (ЖК) 168-моддаси 3-қисмининг  “в” банди ва 25,168-моддаси 3-қисмининг “в” банди билан ЖКнинг 59,62-моддалари тартибида 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ойлик иш ҳақининг  20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 10 ой 6 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазосига судланган.

Суднинг ҳукмига кўра, Х.Улуғбердиев Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Навоий вилоят бошқармаси тезкор бўлими катта инспектори лавозимида ишлаб келиб, ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида фуқаро К.Ражаббоевнинг ишончига кириб, фуқаро Ш.Ражабовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б” банди ва бошқа моддалари билан қўзғатилган жиноят ишининг К.Ражаббоевга нисбатан бўлган қисмини тугатишда бирор-бир ваколатга эга бўлмасада, К.Ражаббоевга ўзини дастлабки тергов ва суд жараёнида жиноят ишининг унга нисбатан бўлган қисмини тугатишда ёрдамлаша оладиган шахс сифатида кўрсатиб, К.Ражаббоевга мазкур жиноят ишининг унга нисбатан бўлган қисмини Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-банди асосида тугатишда ёрдамлашишга ваъда бериб, бунинг эвазига ундан моддий манфаатдорлик талаб қилиб келиб, ундан дастлаб 2018 йил июль ойининг ўрталарида Навоий шаҳридаги “Мустанг” номли автомашиналарни ювиш шахобчасида 1 млн. сўм, кейинчалик 2018 йил 29 октябрда эски 23-сонли автобазанинг ёнида 500 минг сўм, жами 1 млн. 500 минг сўм миқдоридаги пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ўзганинг мулкини алдаш ва ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиб, фирибгарлик йўли билан олган пулини ўзининг шахсий манфаати учун ишлатиб юборган.

Бундан ташқари, Х.Улуғбердиев ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, ўзининг хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда фуқаро К.Ражаббоевнинг ишончига кириб, такроран фуқаро Ш.Ражабовга нисбатан бўлган жиноят ишининг К.Ражаббоевга нисбатан бўлган қисми дастлабки тергов ва суд мажлиси давомида Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг  83-моддаси 2-банди тартибида тугатилганлигини била туриб, дастлабки тергов ва суд жараёнида мазкур жиноят ишининг К.Ражаббоевга нисбатан бўлган қисмини тугатишда бирор-бир ваколатга эга бўлмасада, К.Ражаббоевга ўзини жиноят ишининг унга нисбатан бўлган қисми дастлабки тергов жараёнида тугатилишига ёрдамлашган шахс сифатида кўрсатиб, мазкур жиноят ишининг К.Ражаббоевга нисбатан бўлган қисми Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-банди асосида тугатилишига ёрдамлашганлиги эвазига ундан 500 АҚШ доллари ҳисобида  4.000.000 сўм миқдорида пул талаб қилиб, ушбу пулларни 2018 йил  30 октябрда Кармана туманидаги “Истиқлол” тўйхонасида фуқаро К.Ражаббоевдан олаётган вақтида “Истиқлол” тўйхонаси ходимлари келиб уни тўйхона атрофида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари юрганлиги ҳақида огоҳлантирганликлари сабабли, К.Ражаббоевдан келишилган 4.000.000 сўм миқдоридаги пулларни ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра олмасдан, воқеа жойидан яширинган.

Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг 2019 йил  17 апрелдаги Улуғбердиев Хуршид Қаршибековичга нисбатан чиқарган ҳукми ўзгаришсиз, кассация шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилди.

ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш