Тадбиркор шикояти ортидан “Ўзбекистон темир йўллари”га нисбатан иш қўзғатилди


Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан Фарғона вилоятида жойлашган тадбиркорлик субъектининг “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ “Қўқон минтақавий темирйўл узели” УК томонидан юклаш ва юк туширишга йўналтирилган вагонларга бўрда белги қўйиш хизмати мажбурий тарзда кўрсатилаётганлиги тўғрисидаги мурожаати ўрганиб чиқилди.

Вагонларга бўрда белги қўйиш – қайта ишланиши лозим бўлган поезд вагонларининг участка станцияларига ёки сараловчи станцияларга келганидан кейин қўйиладиган шартли белгилар.

Мурожаатда келтирилган масала бўйича олиб борилган ўрганишлар натижасида, бўрда белги қўйиш хизмати истеъмолчига зарур бўлган ҳолатда, унинг тегишли аризасига  биноан темирйўл ташкилоти томонидан кўрсатилиши кераклиги маълум бўлди.

Бундан ташқари, истеъмолчининг мазкур хизматга эҳтиёжи ва аризаси мавжуд бўлмасада, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ “Қўқон минтақавий темирйўл узели” УК томонидан асосий ортиш ва тушириш учун вагонларни тақдим этиш хизмати билан бирга бўрда белги қўйиш хизмати кўрсатиб келинаётгани аниқланди.

Натижада, тадбиркорга табиий монополия субъекти томонидан 61.7 млн. сўмлик асоссиз қарздорлик ҳисобланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўмита томонидан “Ўзбекистон темир йўллари“ АЖга нисбатан иш қўзғатилди ҳамда табиий монополиялар тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузилишини тўхтатилиши ва келгусида такрорланмаслиги юзасидан кўрсатма берилди, асоссиз ҳисобланган маблағлар тадбиркор фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Ҳурматли тадбиркорлар, фаолиятингизда бу каби ҳолатлар учраса, Монополияга қарши курашиш қўмитасига мурожаат қилишингизни сўраймиз.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Ахборот хизмати бу ҳақда хабар берди.

ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш