Сирдарёда прокуратура ходими каналда чўкаётган қизни қутқариб қолди


8 апрель куни кечқурун вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи А.Убатов сувда чўкаётган қизни қутқариб қолди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.
8 апрелда соат 22:00 да Гулистон шаҳридаги «Дўстлик» канали қирғоғи бўйлаб кетаётган вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи А.Убатов сув юзасидан келаётган паст овоздаги шовқинни эшитиб қолган. Диққат билан тикилиб, одам оқиб келаётганига ишонч ҳосил қилган. Сўнгра зудлик билан яқин атрофдаги вагон томонга югуриб бориб, белкурак топиб келган. Тезда устки кийимларини ечиб, ўзини сувга ташлаган.

Оқиб кетаётган одам икки қўли билан қутқарувчи узатган белкуракнинг дастасидан маҳкам ушлаб олиб, ўзи ҳам чиқишга ҳаракат қилган. Жабрланувчини бир амаллаб қирғоққа тортиб келган А.Убатов йўлакдан ўтаётган икки нафар аёлга «тез ёрдам» чақиришларини илтимос қилган. Ҳодиса жойига етиб келган одамлар бир-бирларининг қўлларидан маҳкам тутиб, занжир бўлиб, сув бўйидан тортиб олишган.

Қутқарилган киши 16-17 ёшлардаги қиз эканлиги маълум бўлган. Шок ҳолатида бўлгани боис дастлаб гапира олмаган. У шошилинч тарзда «тез ёрдам» машинасида RSҲТЁИМ вилоят филиалига олиб келинган ва шифохонанинг Жонлантириш бўлимига ётқизилган. Сувда чўкаётганида қутқариб қолинган Мунира Шамшиева 2002 йилда туғилган бўлиб, Гулистон шаҳар »Улуғ йўл» МФЙ ҳудудида яшайди. Шаҳардаги 4-ўрта умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси. Маълум бўлишича, қиз канал четига ўрнатилган зинадан пастга тушган ва бехосдан сувга йиқилиб, оқиб кетган. У эндиликда ўзини яхши ҳис қилмоқда.

ВАЛЮТАЛАР КУРСИ

Жаҳон янгиликлари яна кўриш